Учқўрғонда ИИБ ходимлари ҳайдовчига куч билан тиббий ниқоб тақтирмоқчи бўлди. Вилоят ИИБ ҳолат бўйича муносабат билдирди

Наманган вилояти ИИБ Учқўрғонда ички ишлар ходимлари ҳайдовчиларга куч ишлатиб тиббий ниқоб тақтиргани айтилган видеога расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Маълум бўлишича, 22 октябрь куни ижтимоий тармоқларда «Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги Ички ишлар ходимлари ҳайдовчига инновацион усулда маска тақтиришмоқчи бўлишибди, усул жуда ажойиб» изоҳи билан видеотасвир тарқалган. Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ҳолатга изоҳ берди.

Унга кўра, 7 октябрь куни соат 15:35 ларда Учқўрғон туман «Истиқлол» маҳалласи Қайқи кўчасида профилактика инспекторлари А.Ўринов ва С.Дехқановлар ҳудудни назорат қилиб юрганида, 3 нафар фуқаро тиббий ниқобсиз гаплашиб турганини кўрган. Ходимлар уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлганида фуқаролардан бири қочиб, ўзининг «Nexia-2» русумли автомашинасига бориб, автомашинани юргизмоқчи бўлган. Шунда профилактика инспектори А.Ўринов «Nexia-2» транспорт воситаси ёнига бориб, ушбу фуқародан автомашинани юргизмасдан ундан тушишини сўраган. Бироқ фуқаро инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмаган.

«Инспекторлар томонидан унинг исм-шарифи сўралганда автомашинадаги фуқаро ‘Нима сабабдан шахсимни айтишим керак, мен ўзимни автомашинамда ўтирибман’ дея, огоҳлантириш ва тушунтиришларга бўйсуниш ўрнига ‘Сен хоҳласам мен билан бирга ётасан деб айтдинг’ айблови билан хизмат вазифасини бажараётган ходимларга туҳмат қилган», — дейилади ИИБ муносабатида.

Шунингдек, профилактика инспекторлари ушбу фуқарога хизмат хонасига боришни айтганида қаршилик қилгани, шахсини таништирмагани, қонуний талабга бўйсунмагани ва карантин тартибларини бузгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси, 54-моддаси 1-қисми ҳамда 194-моддаси 1-қисми билан маъмурий хужжатлар расмийлаштирилган. Шунингдек, Маъмурий ишлар бўйича Учқўрғон туман судига тақдим этилган.

Аввалроқ Андижонда гумонланувчини қийнаб ўлдирган ИИБ ходимлари устидан тергов ҳаракати тугагани, Фарғона шаҳрида маст ҳолда ЙҲХБ ходимини ҳақоратлаган эркак 15 суткага қамалгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар