Фарғона шаҳрида маст ҳолда ЙҲХБ ходимини ҳақоратлаган эркак 15 суткага қамалди (видео)
Фарғона шаҳрида спиртли ичимлик ичиб, ЙҲХБ ходимини ҳақоратлаган ва баённома тузишига қаршилик қилган эркак 15 суткага қамалди. Бу ҳақда «Zo‘r TV» телеканалида хабар берилди.
Хабарга кўра, фуқаро Азиз Каримов Фарғона шаҳрида тунги соат 21:00 ларда овқатланиш шохобчаларидан бирида дўстлари билан спиртли ичимлик ичган. Автомашиналарни эса тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланган жойда қолдирган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими воқеа жойига бориб, ўз вазифасини бажараётганда судланувчи Азиз Каримов ҳуқуқ-тартибот ходимини ҳақорат қилиб, баённома тузишига қаршилик кўрсатган.
Ҳолат юзасидан судланувчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан 15 сутка, 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравар миқдорида жарима, 34-моддаси билан тайинланган жазолар енгилидан оғирига алмаштирилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Аввалроқ Каттақўрғонда ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига қарамай кетиб қолган ҳайдовчига чора кўрилгани, Тошкентда участка нозири 13 ёшли болани калтаклаб, машинага босиб олиб кетгани хабар қилинган эди.