Тошкентда участка нозири 13 ёшли болани калтаклаб, машинага «босиб» олиб кетди

Тошкентда участка нозири 13 ёшли болани калтаклаб, машинага «босиб» олиб кетди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида профилактика инспектори ярим тунда 13 ёшли болани ушлаб, қўлларини қайириб, «Matiz» автомашинасига судраб кетаётгани акс этган видео ва хабар тарқалди. Профилактика инспекторининг автомобили рақами бошқа ҳудудга тегишли бўлган.

Бола одамларни ёрдамга чақириб, ваҳима кўтарган. Ён атрофда яшовчи одамлар боланинг овозини эшитиб кўчага чиққан. Профилактика инспектори бу бола ярим кечаси бошқаларнинг уйига кириб юрганини айтган.

Йиғилган фуқаролардан бири боланинг онасига қўнғироқ қилган. Инспектор эса болани машинасида номаълум томонга олиб кетган. Машинага атрофдаги фуқаролардан бири ҳам чиқиб олган. Ҳолатни тасвирга олаётган фуқаро машинанинг ортидан борган.

Профилактика инспекторига ёрдамга келган бир гуруҳ — «бу ерда шовқин солиш керакмас» дея изоҳ берган.

Бола қўйиб юборилгач, профилактика инспектори уни уриб, тепганини маълум қилган. Таъкидланишича, у ахлат ташлайдиган тарафдан келаётган бўлган. Инспектор уни саволга тутгач, қўрқиб, бошқа уй подъездига кириб кетган. Ички ишлар ходими эса уни таъқиб қилиб, кейинроқ машинасига судрай бошлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан суриштирув бошланган. ИИББ Матбуот котиби Ирина Сайфутдинованинг маълум қилишича, вазиятни бошқарма бошлиғи назоратга олган. Профилактика инспекторининг хатти-ҳаракатига принципиал баҳо берилади.

Аввалроқ Фарғона ИИБ ходимининг муомаласи танқидга олингани, прокуратура Андижонда шифокорни калтаклаган ИИБ ходими ишини ўрганишни бошлагани, «ГАИ» ходими ҳайдовчининг соқол ўстирганига эътирози акс этган видео юзасидан муносабат билдирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар