Каттақўрғонда ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига қарамай кетиб қолган ҳайдовчига чора кўрилди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида Йўл патрул хизмати инспекторининг тўхташ ишорасига риоя қилмасдан кетиб қолган ҳайдовчига маъмурий баённома тузилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, воқеа Каттақўрғон тумани марказининг Кадан—Хатирчи йўналишида ўтказилган навбатдаги рейд тадбирлари давомида аниқланган. Маълум қилинишича, мазкур йўлнинг қарама-қарши томонида ҳаракатланиб келаётган «Lacetti»га ЙПХ инспектори томонидан тўхташ ишораси берилган. Ҳайдовчи Ички ишлар органи ходимининг қонуний талабини бажармай ҳаракатни давом эттириб, воқеа жойидан кетиб қолган.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, ҳайдовчини шахсига аниқлик киритиш мақсадида олиб борилган тадбирлар натижасида, ушбу ҳайдовчи Каттақўрғон тумани Мўминхўжа маҳалласида яшовчи Ш.П. эканлиги маълум бўлган ва унга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда жамоат жойида безорилик қилган шахслар 12 суткага қамалгани ҳамда Нарпайда масжид ҳовлисидаги 38 туп теракни кесиб кетган эркакка жарима белгилангани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар