Ўзбекистондаги барча шаҳарларнинг бош режалари 4 йил ичида тасдиқланади

Ўзбекистондаги барча шаҳарларнинг бош режалари 2025 йилгача тасдиқланади. Бош режаларни тасдиқлашда жамоатчилик фикри инобатга олиниши белгилаб қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони имзоланди. Ушбу стратегияга асосан 2025 йилга бориб шаҳарларнинг барчасини ва шаҳар посёлкаларининг 25 фоизини бош режалар билан қамраб олинади.

Бош режаларни тасдиқлашда жамоатчилик фикри инобатга олиниши белгилаб қўйилди. Шунингдек, 2022 йил 1 июлгача шаҳар муҳити элементларининг мақсади, анъанавий архитектура ва маданияти, жойнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудий «дизайн-код» ишлаб чиқилади.

Бунда аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамаси қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • фуқароларни жамоат муҳокамасини ўтказиш муддатлари, жойи ва тартиби билан таништириш;
  • аҳоли пункти бош режасининг лойиҳаси бўйича жамоат муҳокамаларини (яшовчилар, ердан фойдаланувчилар ва кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг муҳокамалари, ижтимоий сўровлари, фикрларини тўплаш ва бошқа усуллар) ўтказиш;
  • жамоат муҳокамасининг қайд этилган натижалари асосида жамоат фикрини таҳлил қилиш;
  • жамоат муҳокамаси натижалари ҳақида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет тармоғи орқали аҳолини хабардор қилиш.

Қайд этилишича, аҳоли пунктлари бош режаларининг юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият ва давлат манфаатларига мувофиқлиги юзасидан жамоат экспертизасини амалга ошириш имконияти жорий этилади. Бунда аҳоли пунктининг таклиф этилган бош режасидан норози бўлган жамоат назорати субъектларининг ташаббусига кўра аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш ёки унга ўзгартириш (тузатиш) киритиш механизми жорий этилади.

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 150 минг киши яшайдиган йўлдош шаҳарча қурилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда ичимлик суви тизимини яхшилаш учун ажратилган қанча маблағ беҳуда сарфлангани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар