Ангренда танишининг шахсий суратларини тарқатиб юборган 22 ёшли фуқаро ушланди

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида фуқаро танишининг суратларини собиқ турмуш ўртоғига юбормаслик учун пул талаб қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда.

Хабарга кўра, Ангрен шаҳар ИИБга 25 ёшли Т.Ф. ариза билан мурожаат қилиб, унда таниши 22 ёшли Т.С. апрель ойининг бошидан буён унинг учун сир сақланиши лозим бўлган ножўя кўринишдаги суратларини собиқ турмуш ўртоғига Telegram messenger орқали юбормаслиги эвазига 300 АҚШ доллар талаб қилиб, у ушбу пулларни бера олмаганидан сўнг унинг суратларини Telegram messenger ижтимоий тармоғида тарқатиб юборганини маълум қилган.

Таъкидланишича, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, Т.С. фуқаро Т.Ф.дан товламачилик йўли билан пул талаб қилган смс ёзишмалари борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Т.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар