«Мен яшашдан чарчадим». Чилонзорда йигит ўзини кўприк устидан ташламоқчи бўлди (видео)

Ижтимоий тармоқда бир йигит Чилонзор туманидаги кўприкдан ўзини ташламоқчи бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тарқалган видеода йигит кўприкка чиқиб, у ерга маркер ёрдамида «Loser», яъни омадсиз деб ёзганини ҳам кўриш мумкин. Ҳолат юзасидан «Миллар» информацион дастурида маълумот берилди.

Қайд этилишича, мазкур воқеадан хабар топган пост-патруль хизмати ходими дарҳол воқеа жойига етиб борган ва йигит билан суҳбатлашган.

«Нима сабабдан бу ерга чиқиб олганини сўраган вақтимдa, фуқаро «жонимдан тўйдим», деб айтди. Фуқаронинг қўлига қарасам қўлида ҳам «жонимдан тўйдим», деган ёзув бор экан», — дейди ходим.

Шундан сўнг, бошқа ИИО ходимлари ҳам шу ерга келиб, фуқарони пастга олиб тушишган.

Таъкидланишича, ЖИБ Чилонзор тумани суди қарори билан фуқаро МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбланиб, унга БҲМнинг 3 баравари (1,02 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Янгиликлар