Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент филиалига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 29 август куни Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент филиалига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Маълум қилинишича, 500 нафардан ортиқ талаба ушбу таълим муассасасига ҳужжат топширган. Янги ўқув йилида Туркиянинг иқтисодиёт ва технология университетининг Тошкент филиали 2 та йўналишда жами 100 нафар талабани қабул қилади: электрон тижорат ва технологияларни бошқариш йўналишига 50 нафар талаба ва халқаро бизнес ва тадбиркорлик йўналишига ҳам 50 нафар талаба.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга қилган ташрифи доирасида 19 февраль куни Aнқара шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон—Туркия биринчи стратегик ҳамкорлик йиғилиши натижалари бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Туркия палаталари ва биржалари иттифоқи ўртасида «TOVV» қошидаги Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзоланган. Вазирлар Маҳкамаси 17 июнь кунида «Тошкентда Туркия иқтисодиёт ва технология TOBB ETU Университетининг филиалини очиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилинган.
Биринчи ўқув йилида Савдо-саноат палатаси томонидан ушбу университетнинг барча талабаларига 750 доллардан пул маблағлари ажратилиши белгиланган. Университетда ўқиш нархи 4000 долларни ташкил этади. Биринчи курслар учун грантлар мавжудлиги таъкидланган.
Филиал ўз фаолиятини қуйидаги иккита таълим йўналиши бўйича бошлаши режалаштирилган:
- Электрон тижорат ва технологияларни бошқариш;
- Халқаро бизнес ва тадбиркорлик.
Маълумот учун, Туркия иқтисодиёт ва технология университети 2004 йилда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси томонидан ташкил этилган. Ҳозирда мамлакатда профессор-ўқитувчилар таркиби борасида энг кучли университетлардан бири ҳисобланади. Мазкур ОТМ тадбиркорларни индивидуал бўлиш ва халқаро бизнес тажрибаси асосида иш юритишга ўқитадиган университет сифатида ташкил этилган. Университет филиали пойтахтда жойлашган бўлиб, дуал таълим тизимига асосланган бизнес ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайди. Таълим уч семестрга бўлинади. Талабалар ўқиш давомида турли мамлакатларда амалиёт ўташ, дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда Туркиядаги таниқли тадбиркорларнинг фаолияти билан танишиш учун ажойиб имкониятга эга бўладилар. Университет фаолиятининг ўзига хослиги ўқув режаларининг дуал таълимга асосланган уч семестрлик ўқув жараёни ҳисобланиб, таълим олувчиларга 2 семестр давомида назарий билимлар билан бир қаторда 3-семестрда амалий кўникмалар шаклланиши мувозанатлаштирилган. Университетнинг ушбу хусусияти унинг Туркия таълим тизимида алохида ўрин тутишини таъминлаган.
Ушбу ОТМ талабалари Туркияга саёҳат қилиш имкониятига эга. Бу саёҳат давомида хорижий корхоналар фаолияти билан танишиш, турли мамлакатларда амалиёт ўташ имкониятини беради. Ушбу университет талабалари ўқиш давомида дунёнинг етакчи компаниялари ва таниқли тадбиркорлар фаолияти билан танишадилар. Семестрлардан бири амалиётга қаратилгани учун Ўзбекистондаги филиал университет талабалари мамлакатдаги ва чет элдаги йирик корхоналарда, электротехника соҳасида, тўқимачилик ва мева-сабзавот кластерларида амалий машғулотларни ўтайдилар. Aмалий машғулотлар давомида барча талабалар озиқ-овқат ва турар жой билан таъминланадилар.
Университетда 2013 йилда таълим, ўқитиш ва тадқиқотлар соҳасида хизматларни кўрсатиш учун технологик марказ очилган ва ёш тадбиркорларга ўз бизнес ғояларини амалга оширишда ёрдам берадиган ТОББ ЭТУ – ГAРAЖ ўз ишини бошлаган. Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалида ҳам шу каби технологик марказ ташкил этиш режалаштирилаётгани қайд этилган. Шунингдек, талабалар Савдо-саноат палатасининг ташқи иқтисодий йўналиши бўйича халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб бориш ва ҳунармандчилик соҳаси билан танишиш имконига эга бўладилар. Университет талабалари учун тил билимларини ошириш имконияти яратилган. Университетда дарслари инглиз тилида олиб борилади. Бундан ташқари, талабаларга қўшимча турк, франсуз, немис ва хитой тилларини ўрганиш учун имконият яратилган.
Университет 2018 йилда ўтказилган «2000 йилда ташкил этилган университетлар ‘Ёш университетлар 2018: минг йиллик университетлари’ рейтинги»да дунёнинг энг яхши университетлари орасида 32-ўринни эгаллаган.
Aввалроқ, Ўзбекистонда очиқ спорт майдонидаги илк имтиҳонлар «МИСиС» Олмалиқ филиалида ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.