Ўзбекистонда очиқ спорт майдонидаги илк имтиҳонлар «МИСиС» Олмалиқ филиалида ўтказилди
Ўзбекистонда тест синов имтиҳонлари бошланди. Илк имтиҳон 20 август куни Тошкент вилояти Олмалиқ туманида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар қилди.
Хабарга кўра, Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС» Олмалиқ филиалида ҳам қабул параметрлари асосида абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2020 йилнинг 20 июнидан 31 июлига қадар амалга оширилган. 1 309 та ҳужжатлар масофавий қабул қилинган. Кириш имтиҳонлари эса ёзма равишда математика, физика, информатика ва рус тили фанлари бўйича уч кун давомида — 20-22 август кунлари соат 17:00 да «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» AЖга қарашли «Металлург» спорт мажмуасининг стадионида ўтказилади.
Хабарда қайд этилишича, имтиҳонларнинг шаффоф ва объектив ўтиши филиал профессор-ўқитувчилари, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг Ёшлар Иттифоқи вакилларидан иборат кузатувчилар томонидан назорат қилинади. Бу бўйича уларга зарурий кўрсатмалар берилган. Шунингдек, абитуриентлар кириш жойларига дезинфекция тунеллари билан бирга керакли жиҳозлар, видеокузатув ускуналари, ёритиш мосламалари ҳам ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти ҳокими ОТМ қабул жараёнига тайёргарликлар билан танишгани ҳамда Самарқандда тест синовлари 11 кун давомида 4 та очиқ майдон ва 3 та стадионда ўтказилиши ҳақда хабар қилинганди.