Фарғона вилояти ҳокими ОТМ қабул жараёнига тайёргарликлар билан танишди

Ўзбекистонда 2020/2021 ўқув йилида ОТМларга кириш тест синовлари бўлиб ўтадиган Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Сўх туманларидаги стадионларда тайёргарликлар якунланмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, ҳоким Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги олий таълим муассасаларига қабул жараёнларига тайёргарликлар билан танишди. Мавжуд ҳолат, бажарилиши зарур бўлган ишлар хусусида маслаҳат берди.

Фарғона давлат университетининг спорт-соғломлаштириш мажмуасида бир вақтнинг ўзида 1300 нафар абитуриентнинг тест топшириши учун шароит яратилган. Вилоят ҳокими абитуриентларнинг соғломлаштириш марказига кириши, дезинфекция йўлаклари, тиббий ниқоб ва қўлқоп, соябонли бош кийимлари билан таъминлаш ҳамда антисептик воситаларидан фойдаланиш жараёнини кўздан кечирди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Бу йилги тест синовларида Фарғона вилоятидан 134 минг нафардан ортиқ абитуриентларнинг иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Тест синовлари марказий стадионларда бўлаётганини инобатга олиб, абитуриентларга зарур шароитлар яратиш ҳар жиҳатдан муҳим. Тест синовлари ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик билан ўтказилиши шарт. Бу ишларга ҳар бир ҳоким, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, фавқулодда ҳолатлар бошқармаси раҳбарлари шахсан масъул бўлишлари талаб этилади. Ҳудудларда абитуриентларни тест синовларига олиб келиш, яшаш жойларига олиб бориб қўйиш учун 1500 дан ортиқ махсус автобуслар ажратилди», — дейди вилоят ҳокими.

Ҳоким тест жараёнларни видеокузатув остида онлайн трансляция қилиб, шаффофликни таъминлаш, кузатиш истагида бўлган ота-оналар, яқинлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим эканлигини таъкидлади.

Аввалроқ Ўзбекистонда тест синовлари ўтказиладиган жойларнинг барчаси видеокузатув камералари билан жиҳозланиши хабар қилинган эди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ОТМларга тест синовисиз тавсия этиш ҳуқуқига эга вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати тасдиқлангани, ДТМ раҳбари тест синови вақти 2 соатга қисқаришини маълум қилгани, республика бўйича бир кунда 100 минг абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилаётганлиги ҳамда тест саволлари соддалаштирилиши ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, ОТМларга кириш имтиҳонлари пайтида ота-оналар ва уларнинг яқинлари учун алоҳида кутиш жойлари ташкил қилинмайди.

Янгиликлар