Ўзбекистонда тест синовлари ўтказиладиган жойларнинг барчасига видеокузатув камералари ўрнатилади

Ўзбекистонда тест синовлари ўтказиладиган жойларнинг барчаси видеокузатув камералар билан жиҳозланади. Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов маълум қилди.

Таъкидланишича, тест синовлари республика бўйича жами 40 та стадионда ташкил этилади. Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона вилоятида 6 тадан, Самарқанд, Наманган, Сурхондарё вилоятларида 4 тадан, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида 3 тадан, Сирдарё, Навоий вилоятларида 2 тадан ҳамда Жиззах, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида 1 тадан жой белгиланган.

Ундан ташқари, тест ўтказиладиган аниқ манзиллар қўшимча равишда ОАВ орқали эълон қилинади. Стадионларга кириш алоҳида жорий қилинган назорат ўтказиш постлари орқали ташкил этилади. Ҳудудда постларга олиб келувчи йўналишни кўрсатувчи йўлланмалар қўйилади. Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга кириш жойларида дезинфекция йўлаклари ташкил этилиб, иштирокчиларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва антисептик воситалар билан таъминлаш ишлари бажарилади.

Шунингдек, тест синовлари ўтказиладиган жойларнинг барчаси видеокузатув камералар билан жиҳозланади. Хавфсизликни таъминлашга етарли даражада Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, турғун ва қўлда олиб юрувчи металлодетекторлар, транспорт ва алоқа воситалари ҳамда хизмат итлари жалб этилади. Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир куч ишлатар тизимида хизматга жалб этиш учун захира кучлари шакллантирилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларга тест синовисиз тавсия этиш ҳуқуқига эга вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати тасдиқлангани, ДТМ раҳбари тест синови вақти 2 соатга қисқаришини маълум қилгани, республика бўйича бир кунда 100 минг абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилаётганлиги ҳамда тест саволлари соддалаштирилиши ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, ОТМларга кириш имтиҳонлари пайтида ота-оналар ва уларнинг яқинлари учун алоҳида кутиш жойлари ташкил қилинмайди.

Янгиликлар