Самарқандда тест синовлари 11 кун давомида 4 та очиқ майдон ва 3 та стадионда ўтказилади

Самарқанд вилоятида 2020/2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари 11 кун давомида 4 та очиқ майдон ва 3 та стадионда ўтказилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази Самарқанд вилоят бўлими хабар берди.

Қайд этилишича, вилоятда тест синовлари тўртта очиқ майдонда бўлиб ўтади. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захиралари мактабининг 4 та очиқ майдонида, «Локомотив» футбол стадиони, Сартепадаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби стадиони ҳамда Кимёгарлар қўрғонидаги «Нурафшон» футбол стадионларида ўтказилади.

Тест синовлари икки сменада ўтказилади. Кунига 12240 киши, бир сменада 6120 нафар абитуриент имтиҳонда қатнашади. Бу вилоятда 11 кун ичида имтиҳонларни ўтказиш имконини беради. Абитуриентларни киритишда ва шахсини аниқлашда шахсни идентификациялаш воситалари (видеофиксация, бармоқ изи сканери)дан фойдаланилади. Жараёнлар видеокузатув остида онлайн эфирга узатилган ҳолда ўтказилади. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари тест синовларини телеканаллар ва «test2020.uz » сайти орқали онлайн кузатиб боришлари ҳам мумкин.

Саналар эълон қилинганидан кейин абитуриентларга онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш учун фойдаланган телефон рақамига СМС шаклида тест ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида маълумот юборилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларга тест синовисиз тавсия этиш ҳуқуқига эга вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати тасдиқлангани, ДТМ раҳбари тест синови вақти 2 соатга қисқаришини маълум қилгани, республика бўйича бир кунда 100 минг абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилаётганлиги ҳамда тест саволлари соддалаштирилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар