Зарафшонда саккиз йилдан буён алимент тўламай келган ота 15 суткага қамалди

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 2012 йилдан буён алимент тўламай келган ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Зарафшон шаҳар бўлими «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, бюронинг шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг 2012 йил 13 мартдаги ижро ҳужжатига асосан, жавобгар О.Т.дан Г.Х. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун 1/4 миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Хабарда қайд этилишича, мазкур ижро ҳужжати бўйича олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарздорга бир неча бор расмий огоҳлантиришлар берилган, мажбуриятдан қочиб бўлмаслиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган.

Маълум қилинишича, шунга қарамасдан, алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келган ушбу отага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазо чораси қўлланилган.

Аввалроқ Aсакада алимент тўламаган уч нафар шахс 15 суткага қамалгани ҳамда Қашқадарёда МИБ ёрдамида 3 ойдан бери алимент ололмаётган аёлга пуллар ундириб берилгани ҳақида хабар қилинганди.