Қилич Худойбердиев Каттақўрғон тумани ҳокими вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланди

Самарқанд вилояти ҳокимининг 29 октябрдаги фармойишига асосан Худойбердиев Қилич Раҳмонович  Каттақўрғон туман ҳокими вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Каттақўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қилич Раҳмонович Худойбердиев 1984 йил Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида туғилган. 2007 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини ҳисобчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Каттақўрғон тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ёрдамчи ҳисобчиси сифатида бошлаган. Шунингдек, 2009—2010 йилларда Каттақўрғон тумани ижтимоий иқтисодиёт ва педагогика касб-ҳунар коллежи бош ҳисобчиси, 2010—2011 йилларда туман ғазначилик бўлинмаси бошлиғи ўринбосари, юридик шартномаларни рўйхатга олиш ва нарх мониторингини олиб бориш сектори бошлиғи, 2011—2016 йилларда туман ҳокимлиги иктисодиёт бўлими бошлиғи, 2016—2017 йилларда туман ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бўлими бошлиғи бўлиб фаолият юритган.

Тайинловга қадар Қилич Худойбердиев Каттақўрғон туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Маълумот ўрнида, Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов 19 октябрь куни 60 ёшида вафот этган.

Аввалроқ Самарқанд туман ҳокимига янги ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Каттақўрғон туманига янги прокурор ҳамда Самарқанд вилоятига янги бош архитектор тайинлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар