Қорақалпоғистонда уйланиш учун қиз ўғирлаган йигитлар ушланди

Қорақалпоғистон Республикаси «Маданият» МФЙ Сари-олтин кўчасида уйланиш учун қиз ўғирлаган йигитлар ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистонда 2020 йилнинг 13 октябрь куни соат 20:00 да 30 ёшли Д.Е. танишлари 29 ёшли Р.Ж. ва 30 ёшли П.Б.лар билан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 24 ёшли Г.С. (аёл)ни ўғирлашган. Қонликўл тумани «Маданият» МФЙ Сари-олтин кўчаси чорраҳасида Г.С.нинг уйига қайтаётганлигидан фойдаланиб, унинг орқасидан бориб, унга куч ишлатган. Мажбуран Д.Е.нинг номида бўлган П.Б. бошқариб юрган «Nexia-2»га миндириб, уни Қонликўл тумани «Бўстон» овул фуқаролар йиғинидаги уйга олиб борган. Г.С.ни Д.Е. билан никоҳда бўлиш учун ўғирлашган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Ҳолат юзасидан Г.С. туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган. Ҳодиса жойига тергов гуруҳи ходимлари чиқиб кўздан кечириш ҳаракатларини ўтказган. Д.Е.нинг номида бўлган «Nexia-2» автомашина далилий ашё тариқасида олиниб, тегишли тартибда муҳрланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қанликўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 136-моддаси 1-қисми (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ Учқўрғонда бошқасига унаштирилган собиқ севгилисини 5 марта пичоқ санчиб ўлдирган йигит ушланганди. Шунингдек, Наманганда икки севишган ота-онасини қўрқитиб қўйиш мақсадида бир-бирини пичоқлаганди.

Янгиликлар