Учқўрғонда бошқасига унаштирилган собиқ севгилисини 5 марта пичоқ санчиб ўлдирган йигит ушланди
Наманган вилояти Учқўрғон туманида йигит ўз севган қизини Тўдаариқ канали ёнида пичоқлаб, жонига қасд қилади. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Учқўрғон туманида 16 ёшли Ш.О. 2018/2019 ўқув йилида тумандаги 13-умумтаълим мактабининг 11-синфига ўқишга кўчиб келади. Шунда у мактабнинг 10-синф ўқувчиси З.Ҳ. билан ишқий муносабатда бўлиб, мактабни 2019 йилда тамомлайди. З.Ҳ. эса мактабда яна бир йил таҳсилни давом эттиради. Ш.О. мактабни тамомлагач, унинг уйига совчилар келади. Бу вазият эса З.Ҳ.га ёқмайди. Унинг ҳали уйланмаган акаси борлиги сабаб қизнинг уйига ўз совчиларини юбормаган. Ш.О.нинг тоғаси бу муносабатдан хабар топгач, йигит билан учрашиб, унга рад жавобини берган.
Қайд этилишича 2019 йил декабрь ойида Ш.О.нинг уйидагилари уни Наманган туманида яшовчи 1994 йилда туғилган Л.Ш.га никоҳлаб қўяди. Ўз навбатида, бошқа бировга унаштирилган қизининг эски ошиғи билан учрашиб юриши М.О.га ёқмайди. Шу боис 2019 йил 22 декабрь куни у йигитни уйига чақириб, қизини тинч қўйишини талаб қилади. Ҳатто бу хусусда ҳудуд профилактика инспекторига ҳам маълум қилади. Бундай вазиятга жим қараб туролмаган Ш.О. йигитига қўнғироқ қилиб, дорихонадан кучли таъсир этувчи дори келтириб беришини, ўша дорини ичиб ёки каналга ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчи эканлигини айтади. Бироқ йигит уни овутиб, қизга руҳий далда беради.
Хабарга кўра, 2020 йилнинг 22 январь куни унаштирилган қизининг пинҳона муносабатига жим қараб туролмаган М.О. қизини уй юмушларига кўмаклашиш баҳонасида Наманган шаҳридаги қариндоши Х.В.нинг уйига жўнатади. Орадан бир ҳафта ўтиб, Ш.О. шаҳардан қайтаётганини З.Ҳ.га телефон орқали ундан учрашишни сўрайди. Шундан сўнг қиз уйига келиб, синглисини айлантириш баҳонасида кўчага чиқади. Опа-сингил маҳалла яқинидаги Тўдаариқ канали бўйига боради. Улар етиб келганида З.Ҳ. ҳам ўша ерда бўлади. Қиз йигитни кўрганидан сўнг синглисини боғга бориб ўйнашини айтади ва ўзи йигит томонга боради.
Қиз йигитга ҳар куни қийналаётганини айтиб, уйидан олиб чиққан 2 дона ошхона пичоғига ишора қилади. Йигит ҳам буни аввалдан кутгандек рози бўлади ва қизнинг қўлидаги пичоқни олиб, унинг кўкрак қисмига 5 маротаба санчади. Кейин эса жиноий қилмиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан фош этилган тақдирда гўёки айбини енгиллаштириш учун қўлидаги пичоқни ўзининг юрак соҳасига 2 маротаба уриб, ўзига енгил тан жароҳати етказади. Йигит жонига қасд қилолмай, воқеа жойидан яширинади.
Қайд этилишича, айнан шу куни қизнинг жасадини соат 16:20 лар атрофида «Қоровул» маҳалласида яшовчи К.Қ. ва У.У. Тўдаариқ канали ёнидан топиб, ҳудуд профилактика инспекторига мурожаат қилади. Жиноят тезкор қидирув бўлими З.Ҳ.ни тунги соат 2:00 ларда «Ўлжатўпи» маҳалласи қабристонида яшириниб юрган пайтда қўлга олади.
Мазкур қотиллик жиноят ишлари бўйича Норин туман судида кўриб чиқилиб, З.Ҳ.га Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан айбдор деб топди.
Аввалроқ Наманганда молхона ҳидига чидай олмаган фуқаро қўшнисини пичоқлагани ҳақида хабар берилганди.