Тошкентда 62 ёшли бемор вафот этди. Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 141 тага етди

Коронавирусга чалинган яна бир пойтахтлик бемор ўткир нафас ва юрак қон-томири етишмовчилигидан вафот этди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли Т.С. (эркак)да 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ИИБ Марказий госпиталида ўткир аппендицит аниқланган ва оператив даво ўтказилган. 10 июль куни унда COVID-19 тасдиқланган ва оғир ҳолатда Вирусология илмий текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган ва касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигининг 3 даражаси, ўткир юрак-қон томир етишмоқчилиги ва инфекцион токсик миокардит асоратлари билан кечган.

Шунингдек, беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония калаллиги, артериал гипертензиянинг 3 даражаси каби ҳамроҳ касалликлар кузатилган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи стабил оғир бўлиб турган бемор, мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Маълумот учун, 31 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар 141 нафарни ташкил этмоқда.

Аввалроқ Тошкентда 55 ёшли бемор коронавирусдан вафот этган эди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов коронавирусдан вафот этди. Кейинчалик Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов вафоти юзасидан таъзия билдирди.

Янгиликлар