Тергов департаменти Жасур Умировнинг жиноят иши бўйича қўшимча маълумот берди

Хонанда Жасур Умировга қарши очилган жиноят иши бўйича тергов жараёни якунланди. Терговда 2020 йилнинг 13 июнь куни хонанда Жасур Умиров Ургут тумани Оқмачит маҳалласида яшовчи вояга етмаган қизнинг номусига теккани аниқланди. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати маълум қилди.

Кадр: YouTube

Аниқланишича, 17 ёшли қиз хонанда билан яқиндан танишиш учун борганида Жасур Умиров қизни ва унинг дугонасини танишининг уйига олиб бориб, пиво ичирган. Шундан сўнг қизнинг ожизлигидан фойдаланиб, номусига теккан.

Тергов жараёнида вояга етмаган жабрланувчининг номусига яна 2 нафар Жасур Умировнинг танишлари текканлигини маълум бўлган.

Аввалига жабрланувчи Ж.Умиров у билан ихтиёрий равишда жинсий алоқа қилган. Унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги сабабли Каттақўрғон тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди (қилмишда жиноят таркиби бўлмаса)га асосан жиноят иши қўзғатишдан рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Бироқ жиноят иши назорат тартибида ўрганилиб, тайинланган қўшимча экспертизалар натижасига кўра, Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми (номусга тегиш) билан ҳолат юзасидан қўзғатилган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Ж.Умировга Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди (шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда номусга тегиш) билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган эди.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов тамомланиб, айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун Самарқанд вилоят прокуратурасига юборилган.

Аввалроқ хонанда Жасур Умиров қамоққа олингани хабар қилинган эди. Шундан сўнг Жасур Умировга қарши очилган жиноят иши ёпиқ тарзда кўрилиши маълум қилинган.

Янгиликлар