Жасур Умировга қарши жиноят иши ёпиқ тарзда кўриладиган бўлди

Самарқандда вояга етмаган қизнинг номусига теккани гумон қилинаётган хонанда Жасур Умиров қамоққа олинган эди. Ушбу жиноят иши ёпиқ тарзда кўриб чиқилади. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Иллюстратив фото

Маълум қилинишича, жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўриб чиқилади.

Жиноят иши 2020 йил 6 январь куни Жиноят-процессуал кодексининг 391-моддаси (жиноят ишининг ҳудудий жиҳатдан судловга тегишлилиги) тартибида, яъни жиноят содир этилган ҳудуддаги жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судига мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилди.

Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми «а» банди билан айбланган Ж. У. га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судига келиб тушган. Шу билан бирга, ушбу жиноят иши доирасида А. З. ва Ш. Қ. ҳам Жиноят кодексининг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисми ва 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисми билан айбланиб судга берилган.

Хабарда ушбу жиноят иши бўйича айбланувчи Ж. У.га қамоққа олиш эҳтиёт чораси, айбланувчилар А. З. ва Ш. Қ.га гаров эҳтиёт чоралари қўлланилгани таъкидланган.

Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича алоҳида баёнот берилади.

Аввалроқ вояга етмаган болани зўрлашда айбланиб Нурафшон шаҳар суд биносидан қочиб кетган эркак қўлга олингани ва Сирдарёда 8 ёшли қизни мактаб ҳожатхонасида зўрламоқчи бўлган эркакка чора кўрилмагани хабар берилган эди.

Янгиликлар