АҚШдаги ташкилот Telegram’ни Apple иловалар дўконидан олиб ташлашни талаб қилди

Американинг «Хавфсиз интернет коалицияси» нотижорат ташкилоти Apple компаниясига қарши Telegram мессенжерини дастур дўконидан олиб ташлаш тўғрисида судга мурожаат қилди. Бу ҳақда 17 январь, якшанба куни «The Washington Post» хабар берди.

Фото: «jpgazeta»

Таъкидланишича, суд жараёни Калифорния штатида бўлиб ўтган. Даъвогарларинг сўзларига кўра, 6 январь куни АҚШ Конгресси яқинидаги тартибсизликлар билан боғлиқ равишда экстремистик хабарларни тарқатган ва зўравонликка чақирган фойдаланувчиларга нисбатан Telegram раҳбарияти етарлича чеклов чораларини кўрмаган. Шундай қилиб, Telegram экстремистик ва ирқчилик мазмунидаги контентни, шунингдек, нафрат қўзғатувчи хабарларни жойлаштиришга рухсат бериш орқали Apple иловалар дўкони фойдаланиш шартларини бузганликда айбланмоқда.

Даъвогарлар Apple компаниясини «бепарволик билан уларга маънавий зарар етказганликда» айблаган ва мессенжерни App Store’дан олиб ташлашдан ташқари, етказилган зарар учун товон пули ҳам талаб қилган. Худди шундай даъво аризаси Google’га ҳам берилиши мумкин.

Аввалроқ Twitter АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсий профилини қоидаларни бузганлиги, шунингдек, тартибсизликларни келтириб чиқариши мумкин, деган хавотир туфайли доимий равишда ёпиб қўйганини эълон қилганди. Бундан ташқари, у ваколат муддати тугагунига қадар Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида хабар юбориш имкониятидан маҳрум қилинган.

Янгиликлар