Ўзбекистонда афғон аёллари учун ташкил қилинган қишки мактаб ўз фаолиятини бошлади

Жорий йилнинг 1 февраль куни Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ва БМТнинг Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан амалга оширилаётган «Афғон аёлларининг иқтисодий имкониятларини Қозоғистон ва Ўзбекистонда таълим бериш ва кадрларни тайёрлаш орқали қўллаб-қувватлаш» минтақавий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган афғон аёл талабалари учун қишки мактаб ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Tez News’га хабар берди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги медиамаркази

Маълумотларга кўра, қишки мактаб Қозоғистондаги «БМТ-Аёллар» тузилмаси ҳамда «Нархоз» университети ҳузуридаги Гендер иқтисодиётини ўрганиш маркази (ГЭРC) билан биргаликда ташкил этилади.

Таъкидланишича, 2021 йил 1-5 февраль кунлари бўлиб ўтадиган қишки мактабнинг мақсади – афғон аёл талабаларнинг гендер тенглиги, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини ошириш, шахсий ва касбий ривожланиш, ижтимоий қўшилиш, тинчлик, хавфсизлик ва етакчилик соҳаларида таълим салоҳиятини ривожлантириш ва оширишдан иборат.

Шунингдек, қишки мактабни «Гендер тенглиги ва аёлларнинг ҳуқуқлари», «Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш» ҳамда «Жамият ва мамлакат тараққиёти учун тинчлик ва хулқ-атворни («behaviour change») ўзгартириш» модуллари бўйича интерактив тренинглар шаклида ўтказиш режалаштирилган бўлиб, Ўзбекистоннинг хусусий ва давлат секторларидан меҳмонлар маҳорат маърузаларини тақдим этадилар.

Хабарга кўра, олинган билимлар афғонистонлик талаба қизларга ўз ватанига қайтганларида гендер тенглигини тарғиб қилиш, янги муносиб иш топиш имкониятларини кенгайтириш ва аёлларнинг жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини оширишда ёрдам беради.

«Нархоз» университети ҳузуридаги Гендер иқтисодиётини ўрганиш маркази (ГЭРC) 2018 йилда Сорос-Қозоғистон Жамғармаси экспертлари ва молиявий кўмаги билан ташкил этилган.

Янгиликлар