«Ҳар битта тез ёрдамни бир хонадонга бориб, қайтиши харажати ўртача 150 минг сўмга тўғри келади» — Абдулла Азизов
Ҳар битта тез ёрдамни бир хонадонга бориб, қайтиши харажати ўртача 150 минг сўмга тўғри келади. Бу ҳақда ССВ вазир ўринбосари Абдулла Азизов «Ўзбекистон 24» телеканалига интервью берди.
«Ўзбекистонда сурункали касаллиги бўлган кўплаб беморлар оилавий шифокори ёки поликлиникага бориб олиши мумкин бўлган муолажани қилмасдан, 103 га телефон қилиб, шу орқали муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилишади. Европада сурункали касаллиги бўлганлар ҳеч қачон 103 га телефон қилмайди. Бутун чақирувларнинг 40 фоизи сурункали касаллиги бўлганлар ҳисобига тўғри келади. Бу, албатта, чақирувларнинг қанчалик нотўғри эканлигидан далолат беради. Ҳар битта машинани бир хонадонга бориб, қайтиши харажати ўртача 150 минг сўмга тўғри келади. Албатта, бу бюджетга яна қўшимча юклама тушиши дегани. Бу бўйича халқимиз орасида кенг жамоатчилик ишларини олиб боришимиз керак», – қўшимча қилди Абдулла Азизов.
Вазир ўринбосари тез ёрдамнинг кеч қолиш сабабларига ҳам тўхталди.
«Тошкент мисолида оладиган бўлсак, кўпинча кечикишга асосий сабаб — йўллардаги тирбандлик. Бошқа ривожланган давлатларда кўп ҳайдовчилар тез ёрдам машинасига дарҳол йўл беради. Бизда эса кўпинча тез ёрдам машинасига йўлини очиб беришмайди», – дейди у.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида 3 мингта мурожаатчидан атиги 500 таси (18 фоизи) шифохонага ётқизилади. Ривожланган давлатларда бу рақам 80-90 фоизни ташкил қилади. Шунингдек, кўп қаватли уйлар атрофида нотўғри «парковка» қилинган автомобиллар тез ёрдам машинаси киришига ноқулайлик яратади.