Хоразмда кучли қор бўрони сабаб айрим хонадонлар электр энергиясиз қолди
Хоразмга кучли шамол ва қор бўрони ёпирилди. Вилоятдаги кўплаб хонадонлар электр энергиясисиз қолган. Бу ҳақда «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: xorazmenergo
Хабарга кўра, Хоразмда кучли шамол ва тинимсиз қор ёғиши оқибати электр тармоқларига ҳам катта зарар етмоқда.
«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари АЖнинг барча тезкор ишчи гуруҳлари жалб қилиниб, аварияларни бартараф қилиш ишлари олиб борилмоқда. Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, туман электр таъминоти корхоналари тезкор чиқиш бригадалари ҳамда алоқадор барча хизматлари томонидан ноқулай об-ҳаво шароити туфайли электр таъминотида юзага келган ноқулайликларни ва вақтинчалик узилишларни бартараф этиш ишлари кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда об-ҳавонинг кескин ўзгариши кутилган эди.