Конституциявий суд: шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас

Шунингдек, шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш масаласида прокурорни хабардор қилиш ёки прокурор санкцияси суд қарорининг ўрнини боса олмайди

22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда шахсни маъмурий тартибда 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш имконини берувчи норма Конституцияга мувофиқлиги кўриб чиқилди.

Хусусан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили мурожаати асосида кўриб чиқилди. Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси иккинчи қисми Конституциянинг 27-моддасига мувофиқлиги юзасидан масала қўйилган.

Амалдаги нормага кўра, чегара тартибини ёки давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахслар айрим ҳолатларда уч суткагача, шахсни тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган тақдирда эса прокурор санкцияси билан ўн суткагача ушлаб турилиши мумкин эди.

Конституциянинг 27-моддасида эса шахс суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Конституциявий суд мазкур нормаларда 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш зарурати туғилганда суд қарорини олиш механизми назарда тутилмаганига эътибор қаратди.

Шу асосда Конституциявий суд мазкур нормани Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқ эмас деб топди.

Қарорда яна бир муҳим жиҳат қайд этилди: шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш масаласида прокурорни хабардор қилиш ёки прокурор санкцияси суд қарорининг ўрнини боса олмайди.

Мазкур қарор шахснинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлигини таъминлаш, суд назоратини кучайтириш ва маъмурий ушлаб туриш тартибини Конституция талабларига мувофиқлаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон