Фарғонадаги портлашдан сўнг вилоятдаги барча заправкалар ўрганиб чиқилади
Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг белгиланган норма ва меъёрларга мувофиқлиги ҳолати ўрганиб чиқилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши қабул қилинди.
17 декабрь куни Фарғона шаҳри марказидаги Petrolium автомобилларга пропан ва бензин қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлганди. Ҳолат 5 метр куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиққани, оқибатда газ моддаси ташқарига сизиб чиққани ортидан рўй берган.
Ҳокимликнинг қайд этишича, шундай бахтсиз ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида ишчи гуруҳи тузилди. Унга «Ўздавнефтгазинспекция» ҳудудий бўлими, вилоят ФВБ, «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филали каби масъул ташкилотлар ходимлари бириктирилади.
Мазкур ишчи гуруҳи автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС), автомобилларга газ қуйиш станциялари (АГКС) ва автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари (АЙҚШ)нинг саноат, ёнғин, экологик хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, ёқилғи сақлаш резервуар (сиғим)ларнинг ҳолати ва қонунчиликдаги бошқа меъёрларни ўрганади.
Ўрганишлар чоғида уларнинг молиявий ишларига аралашилмайди ҳамда шохобчалар одатдаги иш тартиби бўйича фаолият кўрсатади.
Аввалроқ, ҳодиса оқибатида вафотганлар сони 4 кишига етгани ҳақида хабар берган эдик.