Қашқадарёда 2 ёшли қизча боғчада вафот этди
Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги хусусий боғчада 2 ёшли қизча назоратсиз қолиб, атрофдаги ариққа тушиб кетиши сабабли ҳалок бўлди. Бу ҳақда Millar дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, воқеа 20 май куни содир бўлган. Боланинг онаси боғча очилгандан буён ариқ борлиги ва хавфли эканлиги ҳақида ота-оналарнинг эътирозлари бўлганини таъкидлаган. Боғча маъмурияти эса хавфсизлик чоралари кўрилишини ваъда қилган.
Онанинг сўзларига кўра, ўша куни у фарзандини боғчага кузатган, кейинpоқ қайноғаси келиб боланинг ҳолати ёмонлигини айтгач, боғчага борганда қизининг вафот этганини кўрган.
Боғча ходимлари билдиришича, болаларнинг бир қисми ухлатиш учун хонага олиб кирилган, қолганлари эса боғча ҳовлисида бўлган. Қизалоқ эса назоратсиз қолиб, боғча атрофидаги ариққа тушиб кетган.
Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари ўтказилмоқда.