Жиззахда заҳарланган болалардан фақат 2 нафари шифокорлар назоратида қолмоқда
Жиззах вилояти, Фориш туманидаги боғча болаларининг оммавий заҳарланишдан сўнг фақат 2 нафар тарбияланувчи шифокорлар кузатувида қолмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, 2025-йил 9-октябр куни соат 9-00 лардан 16-00 га қадар бўлган вақт давомида Фориш тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасаларининг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар тарбияланувчилари иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиш ва ҳолсизлик каби шикоятлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишган.
Ҳозирги пайтда барча болаларнинг аҳволи барқарор, соғлиғига хавф йўқ. Ҳозирда фақат 2 нафар бола профилактика мақсадида шифокорлар кузатувида қолмоқда, — дейилади вазирлик хабарида.
Дастлабки маълумотларга кўра, нохушлик ҳолати озиқ-овқат омиллари билан боғлиқ бўлиши эҳтимол қилинмоқда. Аниқ сабаб лаборатория таҳлиллари натижаларига кўра белгиланади.
Шу билан бирга, санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати мутахассислари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва сувдан намуна олинганиб, тадқиқотлар олиб борилаётгани билдирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.