Жиззахда 30 дан ортиқ боғча боласи оммавий заҳарланди

Жиззах вилоятининг Фориш туманида боғча болаларида оммавий заҳарланиши содир бўлди, деб хабар берди туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2025-йил 9-октябр куни соат 9-00 лардан 16-00 га қадар бўлган вақт давомида Фориш тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасаларининг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар тарбияланувчилари иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиш ва ҳолсизлик каби шикоятлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишган.

Шифокорлар томонидан ўтказилган эпидемиологик суриштирув давомида мурожаат қилиб келган болалар 8 октябр куни мактабгача таълим муассасаларида биокефир, сир ва сариёғ каби маҳсулотлари истеъмол қилишганлиги аниқланган.

Болаларга анамнез ва биринчи текширувлар асосида «ўткир диарея» ташхиси қўйилиб, стационар равишда тиббий ёрдам кўрсатилган, — дейилади хабарда.

Аниқланишича, оммавий заҳарланиш юзага келишида озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш, ишлов бериш жараёнларидаги санитария қоида ва нормаларининг бузилиши ҳолатлари мавжудлиги сабабли инсон организмида ошқозон ичак ҳазм қилиш тизимининг бузилишига олиб келиши мумкинлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

AI News