Тошкентда ҳокимлик бош юристконсульти $4 минг пора билан ушланди

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ҳокимлиги бош юристконсульти катта миқдорда пора билан қолга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро 2022 йилнинг октябрь ойида маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси қуриш мақсадида Яшнобод туманида жойлашган 80 м² ер майдонини «E-auksion» дастури орқали ютиб, 49 йил муддатга ижарага олади.

Аммо, турли сабабларга кўра, қурилиш ишлари тўхтаб қолиб, ер майдонидан узоқ муддат давомида фойдаланилмаганлиги боис, 2025 йилнинг сентябрь ойида Яшнобод тумани ҳокимлиги томонидан ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш бўйича фуқаролик судига даъво аризаси киритилади.

Тадбиркор томонидан асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилгач, суд унинг фойдасига ҳал қилув қарори қабул қилади.

Қайд этилишича, суд жараёнларида давогар сифатида қатнашган Яшнобод тумани ҳокимлиги бош юристконсульти эса ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бермаслик эвазига тадбиркордан 5 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Ўтказилган тезкор тадбирда, ҳокимлик бош юристконсульти тамагирлик йўли билан 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

AI News