Энди судьялар аввало 5 йиллик муддатга, кейин эса — муддатсиз равишда тайинланади
Ўзбекистон президентининг «Судьялар жамоатчилиги органлари фаолияти самарадорлиги ва очиқлигини ошириш, шунингдек суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, судьяларни навбатдаги 10 йиллик муддатга тайинлаш (ёки сайлаш) тартиби бекор қилинди.
Эндиликда судьялик лавозимига номзодлар аввал 5 йиллик муддатга тайинланади (ёки сайланади), кейинчалик эса — муддатсиз тарзда тайинланади.
Туманлараро, туман ва шаҳар судлари раислари ҳамда раис ўринбосарлари лавозимларига номзодларни аниқ мезонлар асосида очиқ танлов орқали судьялар орасидан танлаш тартиби жорий этилади.
Судьяларнинг профессионал фаолиятини баҳолашда «ҳалоллик», «малакалилик» ва «судья этикаси қоидаларига риоя қилиш» каби талабларнинг аниқ мезонлари қонун даражасида белгилаб қўйилади.
Шунингдек, доимий асосда фаолият юритувчи Олий судьялар кенгаши судьялари лавозимига номзодлар тегишли суднинг малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилади.
Бундан ташқари, доимий асосда ишлайдиган Кенгаш судьяси лавозимига, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йил иш тажрибасига эга бўлган номзодлар тавсия қилиниши мумкин.





