Ўзбекистон тарихда илк бор сунъий йўлдош ва биринчи ўзбек космонавтини фазога учиради
Ўзбекистон фазога сунъий йўлдош учириш бўйича ишларни бошлади, дея маълум қилди Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва халққа Мурожаатномасида.

Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик. Бу Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик ривожланишига, умуман, миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради деб ишонаман, – деди президент.
Шу билан бирга, келгуси йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та дата-марказ, 2 та супер компьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилиши хам таькидланди.
Қайд этилишича, бу тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.





