Наманганда уйида қиморхона ташкил қилган аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Наманган вилоятида 8 октябрь куни уйида 5 киши учун қиморхона ташкил қилган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, вилоятда Ички ишлар бошқармаси, Жиноят қидирув бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 8 октябрь куни тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида шубҳали шахснинг хонадони кўздан кечирилганда, ушбу фуқаро уйида 5 кишига қимор ўйнаши учун шароит яратиб берганлиги аниқланган. Сўнг улардан 2 қути карта, 1 минг 850 доллар ва 9 миллион 854 минг сўм далилий ашё сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят тергов бўлими томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси (Қиморхона ташкил этиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Самарқандда хўрозларни пул тикиб уриштириш учун тузилган «арена» фош этилгани ҳақида хабар берилганди.