Учкўприкда уйида қиморхона ташкил қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Учкўприк туманида уйида 6 киши учун қиморхона ташкил қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Учкўприк туманида 21 сентябрь куни соат 02:30 ларда ўтказилган тезкор тадбир давомида «Зигир» маҳалласида яшовчи А.И. яшаш хонадонида 6 кишига қимор ўйнашлари учун шароит яратиб берганлиги аниқланган. Сўнг улардан ҳайвон суягидан ажратиб олинган 4 дона ошиқ, 10 миллион 494 минг сўм ва 120 доллар миқдоридаги пул далилий ашё тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қиморхона ташкил этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)да кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан  махрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Бухорода уйида қиморхона ташкил қилган шахс 3 йилга озодликдан маҳрум қилингани хабар қилинган эди.