Бухорода уйида қиморхона ташкил қилган шахс 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Ғиждувон туманидаги Жиндакон қишлоғида яшовчи А.Б. уйида қиморхона ташкил қилгани устида қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, А.Б. 3 апрель куни кечки пайт Ғ.Ф., У.Б. исм-шарифли фуқароларга уйидан жой ажратиб қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинни ташкил этиб тургани холислар иштирокида аниқланган. Икки қути ўйин картаси ва 320 минг сўм пул тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Б.Ачилов раислигида ўтган суд мажлисида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш жиноятини содир этган А.Б.га жазо тайинланган. Бунда унинг қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди, кекса онаси, иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган акаси борлиги, қилмишидан пушаймонлиги ва бошқа омиллар ҳисобга олинди. А.Б. Жиноят кодекси 278-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Зиммасига қўшимча чекловлар ҳам белгиланди, дейилади хабарда.
Аввалроқ Олтиариқда қимор ўйини ташкиллаштирган фуқарога жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.