Тўқаев Россия ҳукумати орденини олишдан бош тортди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 17 июнь куни Санкт-Петербург иқтисодий форумида Россия ҳукумати томонидан унга топшириш таклиф қилинган Александр Невский орденини олишдан бош тортди. Бу ҳақда қозоғистонлик сиёсатшунос Ербол Едилов бир қанча манбаларга таяниб хабар берди.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, президент кўрсатилган шараф учун миннатдорлик билдирган. «Tengrinews» нашри мазкур хабарга изоҳ олиш учун Қозоғистон президенти матбуот хизматига мурожаат қилган ва бу маълумот тасдиқланган.

«Бироқ у президентлик ваколатлари тугагунига қадар на маҳаллий, на хорижий мукофотларни қабул қилмасликка қарор қилган. Худди шу сабабга кўра, президент яқинда Бишкекка ташрифи чоғида Қирғизистоннинг биринчи даражали энг олий ‘Манас’ ордени берилишидан бош тортган», — дейди Едилов.

Ўз навбатида, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Тўқаевни Александр Невский ордени билан тақдирлаш режалаштирилмаганини айтган.

«Бу маълумот қаердан олинганини билмайман, чунки ҳеч қандай мукофот бериш режалаштирилмаган. Бунинг учун ҳеч қандай режалар бўлмаган», —деган Песков.

Янгиликлар