Канада АҚШни электрдан узиб қўйиш билан таҳдид қилди

Канаданинг Онтарио провинцияси раҳбари Даг Форд агар Вашингтон Канада товарларига 25 фоизлик бож жорий қилса, АҚШ штатларига электр энергиясини етказиб беришни тўхтатишга ваъда берди. Бу ҳақда CBC хабар берди.

Бу баёнот Канада бош вазири Жастин Трюдо раҳбарлигидаги Канада етакчилари учрашувидан сўнг эълон қилинган. Улар АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп айтган янги божхона тарифлари таҳдидига қарши ҳаракатлар режасини муҳокама қилган.

Биз вазият қанчалик чуқурлашишига қараб тўлиқ жавоб берамиз. Ҳаттоки Мичиган, Нью Ёрк ва Висконсин штатларига электр таъминотини тўхтатиш даражасигача боришимиз мумкин. Мен бундай ҳолат юз беришини истамайман, аммо биринчи галдаги вазифам Онтарио, Онтарио аҳолиси ва умуман канадаликларни ҳимоя қилишдир, чунки биз энг йирик провинциямиз, деди Форд.

Ўз навбатида, Канада бош вазири ўринбосари Христя Фриланд «АҚШнинг адолатсиз тарифларига Канаданинг қатъий жавоби»ни ваъда қилди. У Канада металлар ва энг муҳим минераллар бўйича жавоб чораларини кўришини айтди

Аввалроқ, Трамп Канада ва Мексикани Америка таркибига қўшмоқчилигини айтган эди.

Жаҳон