Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари камаймоқда

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари 1 январь ҳолатига кўра 41 млрд 181,6 млн долларни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2024 йилнинг декабрь ойида 290 млн долларга камайди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 2664,30 доллардан 2610,85 долларгача камайишининг таъсири -656 млн долларни ташкил этди.

Йиллик ҳисобда захиралар қиймати 6,6 млрд долларга ошди (2024 йил 1 январда 34 млрд 564,6 млн доллар эди).

Хорижий валютадаги захиралар декабрь ойида 8 млрд 183,7 млн доллардан 8 млрд 597,7 млн долларгача (+414 млн доллар) кўпайди. Лекин 2024 йил давомида улар 771,8 млн долларга камайган.

Захирадаги олтиннинг соф ҳажми декабрь ойида ўзгаришсиз қолган (12,3 млн трой унция ёки 382,56 тонна), йиллик ҳисобда эса 0,4 млн трой унцияга ёки 12,44 тоннага камайган.

Аввалроқ, Марказий Банк ноябрь ойида 9 тонна олтин сотиб олгани ҳақда хабар берган эдик.

Иқтисодиёт