Ўзбекистонда меҳнат ресурслари қарийб 19 миллион кишига етди
Қашқадарёни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган йиғилишда Президент топшириғига асосан икки йил давомида пухта ишланиб, янгидан ишлаб чиқилган Меҳнат кодекси лойиҳасига тўхталиб ўтилди.

Қайд этилишича, ҳозирда меҳнат ресурслари қарийб 19 миллион кишига етган, корхоналар сони эса сўнгги уч йилда 2 баравар ошган.
Амалдаги Меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, ўшанда хусусий сектор улуши атиги 21 фоиз бўлган, ҳозир 83 фоиздан ошгани қайд этилган.
Шу боис, янги кодексда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда, аҳоли бандлигини ошириш бўйича кўплаб қулай шароитлар кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, давлат раҳбари бу кодексни қабул қилишдан аввал унинг ижросини самарали ташкил қилиш асосий масала экани таъкидлаган.
Бўлаётган янгиликларни аҳолига, ҳамма вазирларга, ҳокимларга, 600 мингга яқин корхона раҳбарларига етказиш, тушунтириш кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Йиғилиш якунида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ахбороти тингланган.





