Қашқадарёда солиқ идораси мансабдори пора олаётган вақтида ушланди

Қашқадарё вилоятида солиқ идораси мансабдори ва яна бир шахс пора олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Қамаши туманида яшовчи, илгари судланган шахс банкрот деб топилган, солиқ қарздорлиги 360 млн сўмни ташкил этган МЧЖ раҳбаридан завод фаолиятини тиклаб бериш эвазига $4 минг талаб қилган. У солиқ қарздорлигини тўламасдан, заводга нисбатан қўйилган тақиқни мансабдор танишлари орқали бекор қилдиришни ваъда қилган.

ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро $3 минг порани олаётган вақтида қўлга олинди.

Тадбир давомида мазкур ҳолатга алоқадор бўлган Қамаши туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари ҳам $3 минг олаётганида қўлга тушди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Қашқадарё