Қарши шаҳри ҳудуди қарийб 2 баробар кенгаяди
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, Қарши шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
Режага кўра, Қашқадарё вилояти маркази бўлган Қарши шаҳри ҳудуди 18 йил ичида Косон, Қарши ва Кўкдала туманлари ҳисобидан 7 767 гектарга, яъни қарийб икки бараварга кенгаяди.
Ҳозирда 8 308,9 гектарни ташкил этувчи шаҳар майдони 2030 йилга бориб 11 026,8 гектарга, 2042 йилгача эса 16 073,6 гектарга етказилади. Шу йилларда шаҳар аҳолиси 300 минг кишидан 470 минг кишигача ошиши кутилмоқда. Уй-жой фонди ҳажми ҳам 3,9 миллион квадрат метрдан 10,8 миллион квадрат метргача ортиши режалаштирилган. Бунда шаҳар инфратузилмасида катта ўзгаришлар бўлиб, 2-5 қаватли уйлар ҳиссаси камайиб, 7, 12, 14 ва 16 қаватли уйлар сони кўпаяди, шунингдек, 9 ва 20 қаватли бинолар ҳам қурилади.
Шаҳарнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш мақсадида мактабгача таълим муассасалари қуввати 11,8 мингдан 29,1 минг ўрингача, умумтаълим мактаблари эса 38 мингдан 74,2 минг ўрингача оширилади. Шунингдек, шифохона ва поликлиникалар, савдо ва овқатланиш шохобчалари, маданий объектлар – театрлар, кинотеатрлар, меҳмонхоналар ҳам кенгайиши кутилмоқда.
Шаҳарнинг янги бош режаси 2042 йилга қадар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, у инфратузилмани яхшилаш ва аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.