«Мардикорлик билан шуғулланаётган аёлларимиз бор» — Танзила Норбоева

Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг 15 март куни ўтказилган биринчи йиғилишида Сенат раиси Танзила Норбоева аёлларнинг мардикор бозорлари ҳақида сўз юритди. Бу ҳақда «Дарё» хабар қилди.

«Мардикорлик билан шуғулланаётган аёлларимиз бор. Мардикорлик дейилади, лекин бу жуда хунук гап. Бир марталик иш дейлик. Мана шундай фаолиятга эҳтиёжи бор аёлларимиз мавжуд. Тошкент шаҳрининг ўзида 6 та кунлик ишчилар марказлари ташкил этилди. республика бўйича эса жами 31 та.

Бу масалага ҳудудлардаги опа-сингилларимизнинг алоҳида эътиборини қаратмоқчиман. Сизлар бу масала Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг иши экан, деб қараб ўтирманглар. Яшаш ҳудудингиздаги бозор ёки кўчалар ёқасида аёллар ишчи кучимни сотаман, деб тўпланиб туришади. Мана шундай жойга ўзингиз боринглар, аёллар билан суҳбат қилинглар.

Аёллар кўчада ўз ишчи кучини таклиф қилиб туриши жуда хунук ҳолат. Бир марталик ишларни замонавий тартибда ташкил қилишимиз керак. Мавжуд кунлик ишчилар марказларининг ишлаб кетишини ҳам йўлга қўйиш зарур.

Вилоятларга хизмат сафари билан чиққанимда, албатта, ўша жойларга мен ҳам бораман. Бундай мардикор бозорлар Қўқонда, Тошкент шаҳри ва вилоятида кўп», — дейди Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси Танзила Норбоева.

Янгиликлар