Хабарга кўра, маблағ Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси Халқаро тараққиёт ассоциацияси томонидан Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этилади.
Шунингдек, лойиҳа Жаҳон банкининг молиявий кўмаги билан «2019 йилдан буён Бухоро (Когон), Наманган (Чортоқ), Тошкент (Янгийўл ва Пскент) вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳанинг» географик кўламини кенгайтиради. Энди у Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг алоҳида ўрта шаҳарларини ҳам қамраб олади.
«Лойиҳада қамраб олинган шаҳарларнинг аксарияти ҳозиргача амалга оширилмаган иқтисодий салоҳиятга эга. Уларнинг аксарияти стратегик транспорт йўлаклари бўйлаб жойлашган. Баъзиларида сайёҳлар учун эътиборга сазовор масканлар мавжуд. Ушбу аҳоли пунктларининг кўпи ўз ҳудудига туташ қишлоқларда хизмат кўрсатиш соҳасида сифатли иш ўринларини яратиш имкониятига эга», — дейилади ЖБ хабарида.
Таъкидланишича, тахминан тўрт миллионн одам ёки иккала вилоятдаги умумий аҳолининг тахминан 70 фоизи учун такомиллаштирилган шаҳар инфратузилмаси ва муниципал хизматлар, шунингдек янги иш ўринлари яратадиган лойиҳа тадбирлари натижасида ишга жойлашиш имкониятларининг кенгайиши тўғридан-тўғри ёки билвосита фойда келтириши кутилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳа вилоят ва шаҳар ҳокимликларига шаҳар инфратузилмаси ва хўжалигига хизмат кўрсатиш учун зарур техника ва ускуналарни сотиб олиш имкониятини беради. Ҳокимиятлар ходимларининг шаҳарларни бошқариш, жумладан ушбу жараёнга замонавий экологик стандартларни жорий этиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш, аҳоли яшаш пунктларида хавфсиз ҳаракатланиш ва транспортнинг самарали мобиллиги учун шароитларни режалаштириш, шунингдек ушбу аҳоли пунктларининг барқарор ва экологик жиҳатдан тоза ривожланишига ҳисса қўшадиган бошқа соҳаларда малакасини ошириш учун кўмак кўрсатилади.






