Сурхондарё вилояти ИИБга янги бошлиқ тайинланди
Лавозимни Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратура босқичи битирувчиси подполковник Бахтиёр Иноқов эгаллади

Иноқов Бахтиёр Рахимжонович Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди, деб хабар беради ИИВ матбуот хизмати.
Тегишли тайинлов Ички ишлар вазирининг буйруғи асосида амалга оширилди.
Лавозимни эгаллаган Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратура босқичи битирувчиси подполковник Иноқовга жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳар бир маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, аҳоли билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, мурожаатлар ортидан юзага келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларга ечим топиш, фуқароларнинг ички ишлар органларига ишончини мустаҳкамлаш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилди.
Шу билан бирга, туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари раҳбарларидан жиноят содир этилишига замин яратаётган омилларни манзилли бартараф қилиш, маҳаллалар кесимида натижадорликни ошириш талаб этилди.





