Ўзбекистонда ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинди

Жиноятнинг оғирлигига қараб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклашдан тортиб 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилиши таклиф этилмоқда

Ўзбекистонда ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинди. Миграция агентлиги тегишли лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида меҳнат миграцияси қоидаларини янада такомиллаштириш, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда хорижга меҳнат фаолиятини амалга оширишни истайдиган фуқаролар учун шарт-шароит яратиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ҳозирги вақтда мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларига ноқонуний миграцияни олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган янги нормаларни киритиш зарурати юзага келмоқда, — дейилади хабарда.

Жиноят кодексини 223-1-модда — ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан тўлдириш таклиф қилинди.

Иқтисодий манфаат кўриш мақсадида ғаразли ниятларда, қонунчиликда белгиланган миграцияни ташкиллаштириш тартибини бузиб ноқонуний миграцияни ташкил этиш, шунингдек, транспорт воситасини ёки турар жойни тақдим этиш орқали чет эл фуқароларини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни ёхуд Ўзбекистон Республикаси фуқароларини белгиланган тартибни бузиб Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасидан олиб ўтиш, чет элга олиб чиқиш ёки уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тарзида бошқа давлатга ноқонуний ўтиши ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишига қаратилган фаолиятни ташкил этиш, унга раҳбарлик қилиш ёки кўмаклашиш учун:

• 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши миллий қонунчиликни замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиришга, ноқонуний миграция соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўша ҳаракатлар, кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан, мансабдор шахслар томонидан, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса:

• 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар, жуда кўп миқдорда, ҳаёт ёки соғлиғи учун хавфли бўлган усулда содир этилган бўлса, бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса:

• 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қайд этилишича, ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи янги модда киритилмоқда ҳамда Жиноят процессуал кодексига ушбу жиноятнинг дастлабки терговини ички ишлар органларни терговига тегишлилиги ҳақидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ўзбекистон