Қашқадарёда 1,1 млрд сўмлик табиий газ талон-торож қилинди
Қашқадарё вилоятидаги иссиқхона 1,1 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди.
“Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда ўтказилган рейд жараёнида Қашқадарё вилояти Косон тумани “Наврўз” МФЙда табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.
Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Ш. С. га тегишли хонадондаги иссиқхонада табиий газ тармоғига тегишли лойиҳа ҳужжатларисиз, хонадонга ўрнатилган ҳисоблагичнинг фильтр қисмидан ўзбошимчалик билан резина шланг ва газ сўрғич орқали табиий газдан ўғринча фойдаланиб келаётгани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, сарфланган табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди ва 1 млрд 117 млн сўмлик зарар ҳисобланди.
Жараёнга тегишли барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.