Тахтақорача довонида айрим транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланди

26 мартдан Қашқадарё вилоятидан ўтган М-39 автомобиль йўлидаги Тахтақорача довонида қатор транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланди, дея хабар бермоқда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Тошкент — Термиз автомобиль йўлида жойлашган мазкур довон йўли торлиги, хавфли бурилиш жойларининг радиуси кичиклиги, олдинда ҳаракатланиб кетаётган юк транспорт воситаларининг секин ҳаракатланиши туфайли қувиб ўтишнинг имкони бўлмагани сабабли ноқулайликлар туғдирмоқда.

Шу сабабли йўлнинг 1135−1145 километрлари оралиғидаги камчиликларни бартараф қилиш ҳамда йўлни III-тоифадан II-тоифага ўзгартиргунга қадар қуйидаги транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади:

  М2 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ, энг катта вазни 5 тоннадан ортиқ бўлмаган автотранспорт воситалари;

  М3 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ, энг катта вазни 5 тоннадан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари;

  N3 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 12 тоннадан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг аниқлик киритишича, тақиқ таъмирлаш ишлари якунланганидан сўнг олинади ва бу ҳақда қўшимча ахборот берилади.

Қашқадарё