Жиноят ишида адвокат иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар кенгайтирилди
Адлия вазирлиги ҳибсга олинганларни адвокатнинг иштирокисиз сўроқ қилишни тақиқлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, шахс амалда ушланган ёки уни ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири якунланган пайтдан бошлаб, у билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилгунга қадар ҳимоячи билан холи учрашиши таъминлади.
Таъкидланишича, тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органлар томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан аризалар, тушунтиришлар ва кўрсатувлар олиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судъя ёзма рухсатига асосан фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади (ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно).
Шунингдек, Жиноят процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этади (илгари ушбу муддат шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб ҳисобланган).
Маълумотга кўра, ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар маълум қилинган. Жумладан:
- Дастлабки эшитув ўтказилаётган ишлар;
- Ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар;
- Шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган ишлар;
- Айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар.