АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандга ташриф буюради
АҚШ Давлат котиби таркибига 100 дан ортиқ Америка компаниялари вакиллари кирадиган делегацияга бошчилик қилади

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио октябрь ўрталарида Самарқандга ташриф буюради. Бу ҳақда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Серджио Гор маълум қилди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 100 дан ортиқ Америка компаниялари вакилларидан иборат тарихий делегацияга бошчилик қилишини фахр билан маълум қиламан. Делегация октябрь ўрталарида АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги стратегик шерикликни илгари суриш, шунингдек, икки томонлама дипломатик ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрига ташриф буюради, — деди Гор.
Марко Рубио Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан биргаликда C5+1 форматидаги вазирлар учрашувида иштирок этади.
Муҳокамалар C5+1 формати доирасида минтақавий иқтисодий ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш ва минтақа учун умумий бўлган устувор вазифаларнинг биргаликдаги ечимларини илгари суришга қаратилади.
Шунингдек, Рубио Марказий Осиёда савдони кенгайтириш, хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантириш ва иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлашни муҳокама қилиш учун Ўзбекистон раҳбарияти ҳамда минтақа мамлакатлари вакиллари билан учрашади.





