Тошкентда транспортда бепул тарқатилаётган қўлқоплар учун бир кунда 28 миллион сўм сарфланди
Тошкент шаҳар транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси томонидан 20 октябрь куни жамоатчилик транспортида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича ОАВ вакиллари учун инфо тур ташкил қилинди. Унда қатнашган «Tez News» муҳбири жамоат транспортида қўлқоп кийиш тартиби бўйича қатор саволларга жавоб олди.
Маълум бўлишича, бепул тарқатилаётган қўлқопларга кунлик 28 миллион сўм сарфланмоқда. Шунингдек, ижтмоий тармоқларда қўлқоп кийиш тартиби Адлия вазирлиги рўйхатига киритилмагани ҳақда хабар тарқалди. Бунга изоҳ сўралганда, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев метрога кираётганда бир марталик қўлқопларни кийиш тартиби Коронавирусга қарши курашиш махсус комиссиясининг қарорига киритилганини маълум қилди. Шунингдек, у ЖССТ томонидан самарасизлиги тан олинган усул яна таклиф қилинганига изоҳ берди.
«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сутка давомида фойдаланиладиган тиббий қўлқопларнинг самарасиз эканини айтган. Аммо биз йўловчилар фақат транспортдан фойдаланган 30—40 дақиқа вақт давомида кийишига мўлжалланган бир марталик қўлқоп тартибини жорий қилдик. Метродан чиққан ёки автобусдан тушгандан кейин йўловчилар бекат яқинидаги махсус қутиларга қўлқопни ташлайди. Чиқинди қутичалари ёнида уюмлар ҳосил бўлаётгани учун Ободончилик бошқармаси билан бирга махсус чиқинди қутилари сонини кўпайтиришни бошладик», — дейди Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев.
Инфо тур давомида Абдулла Қодирий, Амир Темур ва Алишер Навоий метро бекатларидаги ҳолат ўрганилди. Шу ўринда йўловчиларнинг аксарияти қўлқоп киймаганига, турникетдан ўтишда берилган қўлқопларни чўнтагига ёки сумкасига солганига гувоҳ бўлинди. Бундан ташқари, айрим йўловчилар Минор, Буюк ипак йўли бекатлардан метрога чиққани ва уларга қўлқоп берилмаганини таъкидлади. Шу билан бирга, тартибга амал қилаётган ва қўлқоп кийиш вирус юқишини камайтиришда ёрдам беришини таъкидлаётган йўловчилар ҳам учради.
«Мен ўзим коронавирус касаллигини бошдан кечирдим. Ниҳоятда қийналдим. Шунинг учун соғлиғимга аввалгидан ҳам эътиборлироқман. Кечадан бошлаб метрога тушаётганимизда қўлқоп тарқатилиши мени қувонтирди», — дейди йўловчилардан бири.
Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи бир марталик қўлқоплар ҳозирча корхона ҳисобидан молиялаштирилаётгани, ҳозирда 2 та корхона қўлқоп ишлаб чиқараётганини маълум қилди. Шунингдек, бу корхоналарнинг максимал қуввати шаҳардаги барча йўловчиларни қоплаб олишга етмаётгани сабаб, яна қўлқоп ишлаб чиқарувчи корхоналарга эҳтиёж борлигини билдирди. Маълумот учун, 19 октябрь куни жамоат транспортларида тарқатилган қўлқопларга жами 28 миллион сўм сарфланган. Кейинчалик бу харажат давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Аввалроқ Тошкентда жамоат транспорти йўловчиларига тиббий қўлқопда бўлиш талаби қўйилгани, бу қўлқоплар бепул тарқатилиши хабар қилинган эди. Кейинчалик қўлқоплар кимнинг ҳисобидан сотиб олинаётгани ҳамда нима учун тиббий қўлқопда бўлиш талаби қўйилгани маълум қилинган эди.