Булоқбошида МИБ қарздор эрнинг собиқ хотинидан яширган «Damas»ини топиб, хатловга олди

Андижон вилояти Булоқбоши туманида эрнинг собиқ хотинидан яширган «Damas»и топилиб, банд солинди. Бу ҳақда МИБ Андижон вилояти бошқармаси хабар берди.

МИБ Андижон вилояти бошқармаси матбуот хизмати

Хабарга кўра, Булоқбоши туманида яшовчи Ж.Раҳмонов ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Ш.Раҳмонова томонидан турмуши даврида олинган мол-мулклари ўртада тақсимланиши белгиланган. Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро суди 2020 йил 17 март куни умумий қиймати 43 955 080 сўм бўлган «Damas» русумли автомашинанинг 50 фоизи, яъни 21 977 540 сўмни Ш.Раҳмонова фойдасига ундириш бўйича ҳукм чиқарган. Унинг ижроси Мажбурий ижро бюроси Булоқбоши туман бўлимига топширилган.

Маълум бўлишича, қарздор Ж.Раҳмонов бўлим ходимлари томонидан огоҳлантиришларга қарамасдан, ижро ҳужжатида кўрсатилган маблағни собиқ турмуш ўртоғига қайтармасдан келган ҳамда «Damas» автомашинасини яширишга уринган.

Бюронинг Булоқбоши туман бўлими давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида Ж.Раҳмоновга тегишли бўлган «Damas» автомашинаси топилиб, банд солинган. Хабарда агар суд ижроси бажарилмаса, автомашина электрон онлайн-аукцион савдога қўйилиши ва тушган пул маблағлари ундирувчи Ш.Раҳмоновага берилиши маълум қилинган.

Аввалроқ Риштон туманида МИБ «Nexia»ни сотиб, пулини эр-хотинга бўлиб бергани, Мирободда 105 миллион сўм улуш пули фуқарога ундириб берилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар